Ўзбекистонликлар паспортсиз банкларга $9200 минг топширишлари мумкин

Дата: 13:28, 19-09-2017.

Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонликлар энди банкларга ҳеч қандай хужжатларсиз энг кам иш ҳақи миқдорининг 500 бараваригача бўлган суммани топширишлари мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Марказий банк бошқаруви раиси Мамаризо Нурмуратов ва Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятлар ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши кураш департаменти бошлиғи Зоҳид Дўсанов амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритувчи қўшма қарорни имзоладилар.

Хусусан, ҳужжат жисмоний шахслар томонидан нақд чет эл валютасини ҳеч қандай хужжатлар тақдим этишсиз сотиш меъёрини беш карра - энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баробаридан 500 бараваригача кўпайтирди. Бугунги кунда энг кам иш ҳақи миқдори тахминан 149 минг сўмни ташкил этишини ҳисобга олсак, бир киши бир мартада $9,2 мингни муаммоларсиз топшириши мумкин.

Эслатиб ўтамизки, 5 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда жисмоний шахслар валютани айирбошлаш шахобчаларида чекловларсиз сотиш ҳуқуқини олдилар. Валютани сотиб олиш тижорат банкларининг конверсион бўлимларида маблағларни халқаро тўлов карталарига ўтказиш йўли билан амалга оширилади. Ушбу карталардан хорижда ҳеч қандай чекловларсиз фойдаланиш мумкин. Конвертация очилганидан кейин биринчи ҳафта ичида аҳоли банкларга $200 млн, юридик шахслар $100 млн атрофида топширдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: