Ўзбекистонликлар Рамазон ҳайитини 6 июлда байрам қиладилар

Дата: 13:04, 04-07-2016.

Тошкент. 4 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қарори билан 6 июл дам олиш куни деб эълон қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2016 йилда Рамазон ҳайитининг биринчи куни 6 июл чоршанба кунига тўғри келиши ҳақида қабул қилган қарорини эътиборга олиб, 2016 йил 6 июл дам олиш куни деб белгилансин ва мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонлансин”, - дейилаади хужжатда.

Давлат раҳбари республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Рамазон ҳайитини жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтказиш учун тегишли тадбирларни амалга оширишни тавсия қилди.

Рамазон ҳайити – Ўзбекистондаги асосий диний байрамлардан биридир. Муқаддас Рамазон ойи давомида мамлакатнинг мингдан зиёд масжидларида Ҳатми Қуръон тадбирлари ўтказилди, таровеҳ намозлари ўқилмоқда. Мусулмонлар Қуръонни тўлиқ тинглаш, тинчлик, яхшилик ва фаровонлик сўраб Яратганга ибодат қилиш имкониятига эга бўлдилар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: