Ўзбекистонликлар шашка бўйича Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашдилар
Тошкент. 29 апрел. ЎзТАГ – Ўзбек спортчилари 64 ва 100 хонали шашка бўйича Тошкентда бўлиб ўтаётган Осиё чемпионатида муваффақиятли қатнашдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
МОҚ хабар беришларича, Алишер Ортиқов катталар орасида блиц бўйича шоҳсупаниннг олий поғонасига кўтарилди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасида яна 4 ўзбек спортчиси кумуш ва 3 бронза медалларни олди.
Аёллар ўртасида ўз ёш тоифаларида Лайло Тошпўлатова, Васфия Бердиқулова, Шахзода Турсунмуродова, Нигина Муродова, Нина Кимлар биринчиликни олдилар. Яна 4 спортчи қизлар кумуш соврин эгаси бўлдилар.
Ветеранлар мусобақаларида Абдукодир Тоштемиров биринчи ўринни эгаллади, Мамасоли Тешабоев эса бронза медални қўлга киритди.
Катталар ўртасида рапид йўналишида Самандар Калонов кумуш, Алишер Ортиқов бронзани олди. Ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Лазиз Муралиев, Озодбек Ўрмоналиев, Исломжон Каримов, Шахзод Қобилов, Саидқосим Алиев Осиё чемпиони мақомини қўлга киритдилар. Яна 2 ўзбекистонлик иккинчи, 3 шашкачи эса учинчи ўринларни эгаллади.
Аёллар ўртасида рапид йўналишида ўз ёш тоифаларида биринчи ўринни Лайло Тошпўлатова, Шахзода Турсунмуродова, Сайёра Йўлдашевалар эгаладилар. Яна 2 спортчи қиз кумуш медал ва 3 шашкачи қиз бронза медаллари совриндори бўлдилар.