Ўзбекистонликлар Шомаҳмудовлар оиласига ёдгорликнинг Тошкент марказига қайтарилишини ижобий баҳоладилар
Тошкент. 2 май. ЎзТАГ – Ўзбекистонликлар Шомаҳмудовлар оиласига ёдгорликнинг Тошкент марказига қайтарилишини ижобий баҳоладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Газета.uz нашри маълумотига кўра, Хотира ва қадрлаш куни (9 май) арафасида Тошкентинг рамзларидан бири – уруш йилларида 15 болани асраб олган тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи ёдгорлиги пойтахт марказий қисмига қайтарилди.
1 май куни ёдгорлик шаҳар ташқарисидаги ўрнидан Дўстлик боғига (собиқ Бобур боғи) кўчирилди. Ҳозирда Тинчлик қўнғироғи яқинида ҳайкалтарошлик композицияси учун постамент тайёрланмоқда.
Ўзбекистонликлар бу ишни ижобий баҳоладилар.
“Жуда тўғри қарор!!! Бу ёдгорлик нафақат Шомаҳмудовлар оиласи, балки бутун ўзбек халқининг бағрикенглигини ифодалайди!!! Шу сабабли ёдгорлик Ўзбекистон пойтахтининг марказида, энг кўринарли жойда туриши зарур!!! Агар у ўз жойига қайтарилганида бундан зўр бўлар эди!!! Дўстлик боғи ҳам ёмон эмас, лекин у фақат паркка ташриф буюрганларга эмас, балки Тошкентинг магистралларидан ўтувчи барчага кўринадиган бўлиши керак!!!”, - деб ёзади Газета.uz форумида Эркин Маҳаматалиев.
“Президент Шавкат Миромоновичга раҳмат! Ёдгорлик нафақат Шомаҳмудовлар оиласи, балки бутун ўзбек халқининг бағрикенглигини ифодалайди! Бу мамлакатимизнинг рамзи. Ўзбек халқининг бағрикенглиги рамзи. Амир Темур эмас, кўкка бўйлаётган қушлар, глобус эмас, оддий ўзбек оиласининг қахрамонлиги. У ТОШКЕНТ МАРКАЗИДА туриши керак! Мен уни Инқилоб хиёбонида ёки глобус ўрнига жойлаштирган бўлар эдим”, - деб ёзади Фарход Холматович Устажалилов (Farkhod Kholmatovich Ustadjalilov).
Эслатиб ўтамизки, ҳайкал 1982 йилда яратилган бўлиб, Халқлар дўстлиги майдонига ўрнатилган эди. 2008 йилда ёдгорлик шаҳар четига кўчирилган эди.


