Ўзбекистонликларга Туркияга саёҳат қилиш чоғида ҳайдовчининг соғлигига эътибор бериш тавсия этилди

Дата: 16:57, 23-10-2018.

Тошкент. 23 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистонликларга Туркияга саёҳат қилиш чоғида ҳайдовчининг соғлигига эътибор бериш тавсия этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси аҳолиси орасида Туркияга дам олиш мақсадида йўл олаётган сайёҳлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Сайёҳларнинг кўпчилиги Истамбул, Бодрум ва Анталия шаҳарларига йўл олмоқда. Ўзбекистон ва Туркия ҳаво йўллари томонидан ҳафтасига 18 парвозлар амалга оширилмоқда (Тошкент ва Самарқандга). Кейинги пайтларда Истамбул шаҳридан автобус, микроавтобус ва енгил автотранспорт воситалари билан қатнаётган сайёҳлар сони тобора ортиб бормоқда ва туризм мавсуми вақтида ҳайдовчиларнинг тезликни ошириши, кеч вақтларда – кечалари йўлга чиқиши ва ҳайдовчиларнинг автомобиль ҳайдаш вақтида ухлаб қолиши сабаблари билан автоҳалокатлар сони тобора ортиб бормоқда”, - дейилади Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабарида.

Шундан кейин маълум қилинишича, Туркия Республикаси Статистик қўмитаси чоп этган расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Туркия автомобиль йўлларида 1202716 автоҳалокат содир бўлган бўлиб, уларда 300383 киши жароҳатланган ва 7427 киши ҳалок бўлган. “2017 йилда автоҳалокатлар оқибатида вафот этган кишиларнинг 43,2% ҳайдовчилар, 34,2% йўловчилар ва 22,6% пиёдалардир. Автоҳалокатларнинг 67,4% кундуз куни, 30% кечаси ва 2,6% кун ботганида содир бўлган”, - дейилади хабарда.

Юқоридагиларни ҳисобга олган ҳолда, деб қайд этилади шундан кейин, шунингдек, фуқаролар хафвсизлигини таъминлаш ва огоҳлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Туркияга сайёҳ сифатида дам олиш учун йўл олаётган ўзбекистонлик сайёҳларга имкон қадар Тошкент – Анталия – Тошкент, Тошкент – Истамбул – Анталия – Истанбул – Тошкент авиа қатновлари билан боришларини, шу билан бирга, Туркиянинг денгиз соҳилларида жойлашган дам олиш масканларидаги шаҳарларига Истамбул шаҳридан автобус ёки микроавтобуслар билан бориш истаги бор сайёҳларга имкон борича фақат кундузги вақтларда йўлга чиқишларини ва ҳайдовчининг ҳолати ва соғлигига эътибор беришларини (узоқ йўлларда қоида бўйича иккита ҳайдовчи бўлиши керак) тавсия этади.

Сурат манбаи: ru.sputniknews-uz.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: