Ўзбекистоннинг 17 минг атрофида фуқаролари Корея Республикаси корхоналарида ишламоқда

Дата: 15:52, 09-11-2017.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг 17 минг атрофида фуқаролари Корея Республикаси корхоналарида ишламоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу маълумотлар вазир А.Ҳаитов бошчилигидаги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги делегациясининг 6-12 ноябр кунлари Корея Республикасига ташрифи доирасида келтирилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, учрашувнинг асосий мавзулари – Корея Республикасида ишлаш ва ўқитиш учун малакали кадрларни тайёрлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳамкорликда Корея Республикасида ўқиш ва ишлаш истагида бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини тайёрлаш бўйича мактаб ва марказларни очиш масалалари, Корея Республикасида ишлаш ва ўқиш учун кадрлар тайёрлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда давлат хизматидаги кадрларни бошқариш бўйича ҳамкорлик масалаларидир.

 Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун ажратиладиган квоталарни кўпайтириш, Ўзбекистон фуқаролари томонидан ноқонуний йўллар билан бориш ва иш жойларини ташлаб кетиш даражасини пасайтириш, корейс тилини билиш даражасини ошириш, Ўзбекистонга Корея иқтисодиётининг бошқа тармоқлари учун квоталар ажратилиши, Корея Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ноқонуний яшаши масалаларини ҳал этиш масалалари учрашув ва музокараларнинг муҳим мавзулари бўлди.

 Эслатиб ўтамизки, ўзбекистонликларнинг Корея Республикасида меҳнат  фаолияти  Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида имзоланган меморандум асосида олиб борилади.

Унинг самарали амалга оширилиши 2007 йилдан буён ҳозирги кунга қадар қарийб 27 минг Ўзбекистон фуқаросини Кореянинг турли корхоналарига ишга жойлаштирилишини таъминлади.

Айни дамда, Кореяда 17 минг нафарга яқин Ўзбекистон фуқароси меҳнат фаолияти билан шуғулланмоқда.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: