Ўзбекистоннинг 2015 йилги иқтисодий дастурининг 8 устивор йўналиши қайд этиб ўтилди

Дата: 17:09, 20-02-2015.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистона Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси сайтида республиканинг 2015 йилги иқтисодий дастурининг 8 устивор йўналиши очиб берилган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Биринчи устиворлик – бу таркибий қайта ўзгартиришларни кенгайтириш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини янада ошириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва фаол диверсификациялаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлашдан иборат. Иккинчи ва учинчи устиворликлар сифатида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга тўлиқ эркинлик бериш, бу борадаги барча тўсиқлар ва чеклашларни бартараф этиш ва иқтисодиётда давлат иштироки даражасини танқидий баҳолаш, уни стратегик ва иқтисодий асосланган даражагача қисқартириш кабилар кўрсатилган.

Тўртинчи устивор йўналиш бу корпоратив бошқарув тизимидаги тамойиллар ва ёндашувларни тубдан ўзгартириш, ишлаб чиқариш, ташқи иқтисодий ва инвестиция жараёнларининг корпоратив менежментига доир халқаро замонавий стандартларни жорий этишдан иборат. Бешинчи алоҳида йўналиш ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтиришдир. Олтинчи устиворлик – ривожланган инфратузилмани, биринчи навбатда, ахборот-коммуникация тизимларини яратиш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация қурилишини ривожлантиришни кўзда тутади.

Ва ниҳоят, еттинчи устиворлик – аҳоли бандлигини таъминлаш, энг аввало касб-ҳунар коллежлари ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат. Саккизинчи устивор йўналиш – кекса авлод кишиларига ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш, кексаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётига тааллуқли мавжуд муаммоларни ҳал этиш, “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини амалга оширишдир, дейилади қўмита хабарида.

Янгилик билан ўртоқлашиш: