Ўзбекистоннинг 70 та мактабида ўқувчиларнинг билим даражаси халқаро тизим бўйича баҳоланади

Дата: 11:31, 15-11-2019.

Тошкент. 15 ноябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг 70 та мактабида ўқувчиларнинг билим даражаси халқаро тизим бўйича баҳоланади, дея хабар беради Ўзбекистон телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

"Ноябрь ойида Ўзбекистоннинг 70 та умумтаълим мактабининг 2,8 минг нафар ўқувчиси ўзбек-америка лойиҳаси доирасида бошланғич синфларда ўқиш ва математикадан (EGМA) кўникмаларини баҳолаш бўйича пилот тадқиқотларда иштирок этади", - дейилади Халқ таълими вазирлиги (ХТВ) матбуот хизмати хабарида.

Қайд этилганидек, лойиҳа 14 ноябрь куни Тошкентда ишга туширилди.

EGRA ва EGМA тадқиқотлари икки ҳафта давомида Ўзбекистоннинг 12 та ҳудудида 7 та тилда ва инглиз тилида олиб борилади ҳамда 1,4 минг иккинчи синф ўқувчилари ва 1,4 минг тўртинчи синф ўқувчиларини қамраб олади. Баҳолаш учун 5 та мутахассисни ўз ичига олган гуруҳлар ташкил этилган.

"Пилот тадқиқотнинг асосий мақсади ҳар бир тил учун воситаларни синовдан ўтказиш, маълумотларни тўплаш протоколини, шунингдек, билимларни баҳолаш бўйича мутахассислар амалиётини синаб кўришдир", – дейилади хабарда.

Ўзбекистон мактабларида тўлақонли тадқиқотлар 2020 йил май ойида ўтказилиши режалаштирилган. Тадқиқотлар 10 ўқув кунида 940 та мактабда амалга оширилади, улар ихтиёрий танланади. Тадқиқотлар 11,28 минг иккинчи синф ўқувчиларини ва ўшанча тўртинчи синф ўқувчиларини қамраб олади. EGRA ва EGMA бўйича баҳолаш ҳар бир синфдан 12 ўқувчи билан ўтказилади.

EGRA ва EGMA тадқиқотларининг якуний натижалари 2020 йил августда эълон қилинади.

 


Сурат манбаи: uzedu.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: