Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси ўз вазифаларини бажаришга киришди

Дата: 17:41, 18-10-2017.

Тошкент. 18 октябр. ЎзТАГ – 17 октябр куни Ўзбекистоннинг Америкадаги янги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов АҚШ Давлат департаменти раҳбариятига ишонч ёрлиғи  нусхасини топширди, деб хабар беради ЎзР. ТИВ матбуот хизмати.

“Нусхаларни АҚШ Давлат департаменти протоколининг раиси вазифасини бажарувчи Кэтрин С. Хендерсон қабул қилиб олди. Маросимда, шунингдек, АҚШнинг Ўзбекистон ва бутун минтақа билан муносабатларини назорат қилувчи Давлат департаменти бўлим бошлиқлари иштирок этди”, - дейилади чоршанба куни тарқатилган хабарда.

Таъкидланишича, америкалик дипломатлар Ўзбекистон Респубикасининг АҚШга тайинланган янги элчисини иш бошлагани билан табрикладилар ва келажакда икки томонлама муносабатларнинг янада фаол ривожланишига умид билдирдилар.

“Америка дипломатик тартибларига мувофиқ, элчи Давлат департаменти раҳбариятига ишонч ёрлиғи  нусхасини топширган вақтдан бошлаб ўз вазифаларини бажаришга киришган ҳисобланади. Оқ уйда АҚШ президентига ёрлиқнинг асли топширилгач расман тўлақонли элчилик мақомига эришилади”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: