Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида аёллар содир қилган жиноятлар сони кўпайган
Тошкент. 18 август. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг қатор ҳудудлари – Бухоро, Навоий, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизлар томонидан жиноят содир этиш ҳолатлари кўпайган, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу факт Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 17 август куни Тошкентда ички ишлар органлари тизимида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, муаммолар ва келгусидаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида келтириб ўтилди.
“Мамлакатимиз президенти айрим ҳудудларда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларни барвақт аниқлаш ишлари қониқарли эмаслигини кўрсатиб ўтди. Масалан, республика бўйича жиноятчилик кўрсаткичлари камайган, лекин Самарқанд вилоятида ошиб кетган”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.
Шу билан бирга, кўп бор таъкидланганига қарамасдан, жойларда профилактика масаласига етарлича эътибор берилмаяпти. Масалан, Самарқанд вилоятида содир этилган 49 қотилликдан 14 таси, Жиззах вилоятида 10 тадан 4 таси, Навоий вилоятида 10 тадан 3 таси, Қашқадарёда 30 тадан 6 тасининг олдини олиш учун тўлиқ имкониятлар мавжуд бўлган – маҳалла фаоллари ва профилактика инспекторлари муайян жиноят эҳтимолидан бохабар бўлса-да, бирор чора кўрмаган.
Бу борада яна бир муҳим масала – ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликнинг олдини олиш фақат ички ишлар органининг вазифаси деган эскича қарашдан воз кечилмагани билан боғлиқдир. Хусусан, содир этилган оғир жиноятларнинг ҳар бешинчисига оилавий турмуш муносабатлари сабаб бўлган. Ваҳоланки, маҳаллалар, хотин-қизлар қўмиталари оилавий келишмовчиликларни ўрганиб, ўз вақтида бартараф этиши мумкин эди, деди давлатимиз раҳбари.
“Шу муносабат билан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи раҳбарларига тегишли хулоса чиқариб, ҳамкорликда оилавий низолар, қўшнилар ўртасидаги келишмовчиликлар ва шу каби бошқа можароларнинг туб сабабларини аниқлаш, уларнинг ечимини топиш, томонларни яраштириш юзасидан зарур чоралар кўриш вазифаси топширилди”, - деяилади хабарда.