Ўзбекистоннинг барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланди
Тошкент. 22 декабр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига депутатларни сайлаш бўйича Ўзбекистоннинг барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов (МСК) комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов томонидан Тошкент вақти билан соат 22.00 да ўтказилган брифингда маълум қилинди.
МСК раиси дастлабки маълумотларга кўра сайловда рўйхатга киритилган умумий сайловчиларнинг 88%дан кўпи ёки 18 миллиондан ортиқ сайловчи иштирок этганлигини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон Экологик ҳаракатининг конференцияси ҳам якунланди. Ҳаракатга парламент қуйи палатасидаги 150 ўриндан 15 жой берилди.
МСК раҳбарининг сўзларига кўра, сайловлар мамлакат Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги қонунларда мустаҳкамланган барча демократик меъёр ва принципларга риоя этилган ҳолда ўтказилди. Ҳорирги пайтда сайлов доирасида сайлов қонунчилиги бузилгани ҳақида маълумот тушмади.
Айни пайтда сайлов участкаларида овозлар санаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамизки, 2014 йилги парламент сайловларида Ўзбекистондаги барча тўрт сиёсий партия қатнашди. Олий мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига кўрсатилган номзодларнинг умумий сони 535 кишини ташкил қилди. Айни пайтда, рўйхатга олинган номзодларнинг 31,8% аёллардир. Сайловлар Ўзбекистондаги 9,035 минг сайлов участкаларида ўтказилди, шунингдек, 44 сайлов участкаси мамлакатнинг хориждаги ваколатхоналарида ташкил этилди.
Участка сайлов комиссиялари томонидан тузилган сайловчиларнинг умумий рўйхатида 20 млн 789 минг 572 кишининг исми-шарифи бор.
Ўзбекистондаги сайлов жараёнини МСК томонидан аккредитация қилинган 340 ошиқ маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари ёритдилар.
Ўзбекистондаги сайлов жараёнида Осиё, Европа, Африка, Америка қитъаларига мансуб дунёнинг элликдан зиёд давлати ва беш халқаро ташкилотдан 300 дан ортиқ халқаро ва хорижий кузатувчи кузатиб бордилар. Улар орасида ИҲТ, МДҲ, СОБА (Сайлов органлари бутунжаҳон ассоциацияси) каби ташкилотлар вакиллари бор.
Бундан ташқари, Қонунчилик палатасига сайлов жараёнини депутатликка номзодларни кўрсатган сиёсий партияларнинг 70 мингдан зиёд кузатувчи ва ваколатли вакили ҳам кузатдилар. Қонунчиликка биноан сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари сайлов участкаларида овозларни санаб чиқишда ҳам қатнашмоқда.


