Ўзбекистоннинг барча вилоятларида олий маҳорат спорт мактаблари ташкил этилади
Тошкент. 1 декабр. ЎзТАГ – 2020 йил охирига қадар Ўзбекистонда 14 олий маҳорат спорт мактаблари ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) давлат раҳбарининг тегишли қарорига асосланган ҳолда.
Ушбу ўқув муассасалари Ўзбекистон шарафини жаҳон спорт майдонлари – Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, бошқа халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш билан шуғулланади.
“Мактабларнинг фаолият юритиши учун давлат зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратади. Спортчиларни тайёрлаш учун энг янги илмий-услубий технологияларни билувчи юқори малакали мутахассислар жалб этилади”, - деб таъкидланади хужжат матнида.
Спорт мактабларининг ўқувчиларини спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий таркиби ва уларнинг захирадаги спортчилари ташкил этади. Ҳар бир ўқувчи бепул яшаш, тўрт маҳал овқат, шунингдек спорт формаси ва анжомлари билан таъминланади.
Ҳар бир мактаб ташкилий таркибига кўра юридик шахс мақомига эга бўлиб, Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ҳисобот беради. Бундан ташқари, уларнинг ихтисослашуви эса минтақаларда шаклланган спорт мактаблари ва анъаналари, мураббий-ўқитувчилар таркиби ҳамда эришилган спорт ютуқлари билан белгиланади.


