Ўзбекистоннинг бирданига 6 боксчиси Гамбургдаги жаҳон чемпионатининг яримфиналига чиқишди

Дата: 17:58, 30-08-2017.

Тошкент. 30 август. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг бирданига 6 боксчиси Гамбургдаги (Германия) жаҳон чемпионатининг яримфиналига чиқишди ва камида бронза медалини таъминладилар. Бу ҳақида UzDaily.uz хабар қилмоқда.

Ҳасанбой Дўсматов 49 кггача вазн тоифасида Амит Пангални (Ҳиндистон), Жасурбек Латипов 52 кггача вазн тоифасида колумбиялик Сейбер Авилани, Иқболжон Холдоров 64 кггача вазн тоифасида Артем Арутюнянни (Германия), Шахрам Ғиесов 69 кггача вазн тоифасида Пэт МакКормакни (Буюк Британия), Санжар Турсунов 91 кггача вазн тоифасида Роя Корвингни (Голландия), Бектемир Мелиқўзиев 81 кггача вазн тоифасида Ерик Алжановни (Қозоғистон) енгишди.

Афсуски, Исроил Мадримов (75 кг), Элнур Абдураимов (60 кггача) ва Баҳодир Жалилов (91 кгдан ортиқ) ўз чиқишларини чоракфиналда якунладилар.

Қозоқ ОАВ маълумотларига кўра, ЖЧ яримфиналига 6 боксчи – Жомарт Ержан (49 кг), Кайрат Ералиев (56 кг), Аблайхан Жусупов (69 кг), Абилхан Аманқул (75 кг), Василий Левит (91 кг) ва Камшибек Кункабаевлар (+91 кг) йўл олдилар.

Яримфинал жанглари 31 август ва 1 сентябрда бўлиб ўтади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: