Ўзбекистоннинг биринчи аёл футбол комиссари халқаро турнирга таклиф қилинди

Дата: 11:51, 29-05-2014.

Тошкент. 29 май. ЎзТАГ – Футбол соҳасидаги Ўзбекистонлик биринчи аёл комиссар – Светлана Саакова Осиё Футбол Конфедерацияси байроғи остида ташкил этиладиган ўсмир қизлар ўртасидаги минтақавий чемпионатда комиссарлик қилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“10-15 июнь кунлари Вьетнамнинг Хошимин шаҳрида 14 ёшгача бўлган ўсмир қизлар ўртасида АСЕАН минтақаси чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу мусобақа Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси мутахассиси ҳисобланган Светлана Саакова учун халқаро ўйинлардаги илк комиссарлик иши бўлади. Саакова 2014 йил январь ойида бўлиб ўтган комиссарлик имтиҳонларини муваффақиятли топшириб, Осиё майдонларида қизлар ва аёллар ўртасидаги футбол мусобақаларида комиссарлик фаолиятини олиб бориш ҳуқуқига эга бўлганди”, - деб қайд этишди Ўзбекистон Футбол федерацияси матбуот хизматида. Эслатиб ўтамизки, ҳозирги вақтда ўзбекистонлик Алим Арифов ва Санжар Ризаев Осиёда эркаклар ўртасида ташкил этилаётган футбол мусобақаларида комиссарлик қилиб келмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: