Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида умумий қиймати 37,6 млрд сўмлик объектлар “нол” қийматида инвестиция мажбуриятлари билан сотилмоқда

Дата: 16:15, 19-08-2014.

Тошкент. 19 август. ЎзТАГ – Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Бухоро ҳудудий бўлинмаси олти объектни умумий қиймати 37,6 млрд сўмлик ($16,06 млн) инвестиция мажбуриятлари билан бирга “нол” қийматида сотишга доир конкурс савдоларини эълон қилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусийлаштириш қўмитасининг маълумотларига кўра, объектларни олишни истаган сармоядорлар 2-3 йил давомида бу ерга 1 млрддан 15 млрд сўмгача инвестиция киритиш, 25 дан 300 тагача янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олишлари лозим.

Шунингдек, инвесторлар сармоя киритиш муддатлари ва сармоя миқдорлари кўрсатилган бизнес режа ва инвестиция дастури тақдим этишлари зарур. Унда ўрнатиладиган ускуналар, уларнинг технологик кўрсаткичлари, ишлаб чиқариладиган маҳслотлар ассортименти, унинг рақобатбардошлиги ва ҳ.к. кўрсатилган бўлиши лозим.

Сотувга қўйилган олти объектдан учтаси банкротликка учраган “Бухоротекс” ОАЖга тегишли бўлиб, қурилиши тугалланмаган маъмурий ва ишлаб чиқариш биноларидан иборат.

Талабгорларнинг аризалари 2014 йил 11 сентябргача қабул қилинади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: