Ўзбекистоннинг Давлат байроғи Нью-Йоркдаги Уолл-стритда 7 кун ҳилпираб туради

Дата: 16:02, 04-09-2017.

Тошкент. 4 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Давлат байроғи Нью-Йоркдаги Уолл-стритда 7 кун ҳилпираб туради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2017 йил 2 сентябр куни Нью-Йоркнинг молиявий маркази Уолл-стритда Ўзбекистон Мустақиллигининг 26 йиллик муносабати билан давлат байроғи кўтарилди”, - дейилади Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий ваколатхонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллиги томонидан Туркистон-Америка Ассоциацияси ва “Ватандош” ташкилоти томонидан ташкил қилинган тадбирда ижтимоий-сиёсий доиралар ва ОАВ, ўзбек диаспораси вакиллари, сайёҳлар қатнашганлар.

Ўзбекистон давлат мадҳияси янграб турган ҳолда мамлакат байроғи 15 м баландликка кўтарилди.

Тадбир ташкилотчилар ва иштирокчилар бир дақиқа сукут сақлаб марҳум президент Ислом Каримовни ёд олишди.

Туркистон-Америка Ассоциацияси раиси Абдулла Хўжа нутқ сўзлаб, бугунги кунда АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар ва ўзбек миллатига мансуб кишилар она юрт мустақиллигини кенг нишонлаётгани таъкидлаб ўтди. У шунингдек, “президент Шавкат Мирзиёев бошчилилигидаги ўзбек халқи иқтисодий барқарорлик, эркинлик ва мустақилликни мустаҳкамлаб бориш йўлидан қатъий қадам ташлаётганлигини таъкидлади”.

Хабарда айтилишича, мамлакатда 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирнинг кўпчиликни ташкил қилган иштирокчиларига ўзбек миллий мусиқа ва рақсларидан иборат маданий дастур намойиш этилди. Дастур дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳларнинг диққат эътиборини тортди.

“Ўзбекистоннинг Давлат байроғи Нью-Йоркдаги Уолл-стритда 7 кун давомида ҳилпираб туради”, - дея хулоса қилинади хабарга.

Янгилик билан ўртоқлашиш: