Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланган – Мирзиёев

Дата: 09:54, 19-09-2018.

Тошкент. 19 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланган, деди президент Шавкат Мирзиёев, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ш. Мирзиёев бу ҳақида 18 сентябр куни мамлакатда амалий ташриф билан бўлиб турган АҚШнинг халқаро диний эркинлик соҳасида алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Самуэль Браунбэк билан учрашувда айтиб ўтди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон инсон салоҳиятини ривожлантириш, шу жумладан, диний эркинлик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги конструктив мулоқотга муҳим аҳамият қаратаётгани қайд этилди. “Ўзбекистоннинг дин соҳасидаги сиёсати барча конфессия вакиллари учун тенг шароитлар яратишга асосланган”, - деб иқтибос келтиради матбуот хизмати Ш. Мирзиёевдан.

Шунингдек, Президент Ўзбекистон Республикаси билан Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги кенг кўламли ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб бораётганини қайд этди.

Бундан ташқари, жорий йил май ойида Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигида янги даврни бошлаб берган олий даражадаги музокаралар натижалари юксак баҳоланди.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида диний-маърифий соҳадаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш борасида аниқ чоралар кўрилди.

“Бағрикенглик, меҳр-оқибат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, билимга интилиш каби халқимиз менталитетининг маънавий-аҳлоқий асосларини сақлаш ва бойитиш, динга алоқадор маданий меросни асраб-авайлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, Ўзбекистонда ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон ислом академияси, Имом Бухорий номидаги халқаро илмий тадқиқот маркази ташкил этилди.

Шундан сўнг қайд этилишича, Ўзбекистон барчанинг таълим олишига кенг имконият яратиш, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, виждон ва дин эркинлиги ҳамда эътиқод қилувчиларнинг бошқа ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган “Маърифат ва диний бағрикенглик” номли БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурди.

Ўз навбатида, С. Браунбэк самимий қабул учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг миқёсли ўзгаришларни юқори баҳолаши ва қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон диний эркинлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда катта муваффақиятларга эришгани алоҳида қайд этилди.

“Томонлар Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали, хусусан, мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, бағрикенглик ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр экани билдирилди”, - деб хулоса қилинади хабарда.

Сурат манбаи: http://www.press-service.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: