Ўзбекистоннинг дипвакиллиги Ўшдаги сайёр консуллик қабулда 50дан ортиқ фуқароларни қабул қилди

Дата: 13:33, 16-05-2018.

Тошкент. 16 май. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг дипвакиллиги Ўшдаги сайёр консуллик қабулда 50дан ортиқ фуқароларни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“11-12-май кунлари Ўзбекистон Республикасининг Қирғизистон Республикасидаги Элчихонаси Ўш шаҳрида Қирғизистоннинг жанубий ҳудудларида вақтинча ёки доимий яшаётган фуқаролар учун сайёр консуллик қабулини ўтказди. Сайёр қабул давомида Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятларидан келган 50 дан ортиқ Ўзбекистон фуқаролари консуллик масалалари бўйича маслаҳат ва ёрдам олдилар. Ўзбекистонликлар сўраган асосий саволлар Қирғизистон ҳудудида туғилган болаларнинг фуқаролиги ва уларга Ўзбекистон Республикаси ҳужжатларини олиш, Ўзбекистонга қайтиш сертификати, паспорт бериш ёки алмаштириш, оилавий аҳволи, фуқаролиги, судланмаганлиги тўғрисидаги маълумотномаларни расмийлаштириш ва сўровга кўра бошқа ҳужжатларни олишга доир”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Шунингдек, Ўш вилояти ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари, ишлаш учун рухсатни расмийлаштириш масалалари бўйича маслаҳат беришни сўрадилар.

Консуллик қабулини ташкил этишда Элчихонага Қирғизистон ҳукуматининг Ўш вилоятидаги Вакилли ваколатхонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг жанубдаги ваколатхонаси кўмак кўрсатдилар.

Сурат манбаи: http://namba.kg/#!/photo/137653522/

Янгилик билан ўртоқлашиш: