Ўзбекистоннинг ЕХҲК қошидаги Доимий вакили Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг аҳамияти ҳақида гапириб берди

Дата: 12:06, 17-03-2018.

Тошкент. 17 март. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг ЕХҲК қошидаги Доимий вакили Шерзод Асадов Венада Афғонистон бўйича халқаро конференциянинг аҳамияти ҳақида гапириб берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“2018-йил 15-март куни Вена шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Доимий кенгаши аъзолари 26-27-март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференциянинг асосий мазмуни билан танишдилар”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Ўзбекистоннинг ЕХҲТ ва Вена шаҳридаги бошқа халқаро ташкилотлардаги Доимий ваколатхонаси раҳбари Шерзод Асадовнинг маърузасида таъкидланганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро конференция Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, унинг барқарор ривожланиши учун шароит яратиш, афғон халқининг фаровонлигини ошириш ва унинг минтақа ва бутун дунёдаги ижобий жараёнларга жалб қилинишини таъминлашда муҳим қадам бўлиши керак.

Шундан кейин таъкидланишича, Афғонистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Россиянинг дипломатик ваколатхона раҳбарлари ўз нутқларида Афғонистон бўйича халқаро конферентсия ўтказилишини қўллаб-қувватладилар. Хорижий ҳамкорлар Ўзбекистон томонига юқори даражадаги Тошкент форумини ташкиллаштириш ташаббуси учун миннатдорчилик изҳор қилиб, унинг муваффақиятли ўтказилишига ишонч билдирдилар.

“ЕХҲТга раислик қилувчи мамлакат бўлган Италия вакили Афғонистон бўйича халқаро конференция натижалари юзасидан ташкилот доирасида алоҳида тадбир ўтказишни таклиф қилди”, - дейилади хабарда.

ЕХҲТнинг Доимий кенгаши йиғилишида ташкилот раҳбарияти, 60га яқин элчилар, иштирокчи ва ҳамкор мамлакатларнинг дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари қатнашдилар. Йиғилиш якунига кўра Ўзбекистон томонининг маърузаси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Сурат манбаи: http://www.fergananews.com/articles/9476

Янгилик билан ўртоқлашиш: