Ўзбекистоннинг энг машҳур сайёҳлик шаҳрига қўшимча рейс қўйилди

Дата: 11:37, 22-08-2014.

Тошкент. 22 август. ЎзТАГ – “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК Тошкент-Самарқанд-Тошкент маршрути бўйича қўшимча рейслар қўйди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Йўловчилар оқими кўпайганлиги муносабати билан Тошкент-Самарқанд-Тошкент маршрути бўйича қатновчи 760/759 рақамли Afrosiyob юқори тезликдаги поездининг қўшимча рейслари йўлга қўйилди. Эндиликда поезд пайшанба ва жума кунлари Тошкентдан 07:00да, Самарқанддан эса 17:00да йўлга чиқади. Йўлдаги вақт 2 соат 10 минутни ташкил қилади”, - деб хабар берди “Узжелдорпасс” уюшмаси матбуот хизмати.

Эслатиб ўтамизки, юқори қулайликларга эга бўлган Afrosiyob электропоезди икки шаҳар ўртасида 2011 йилнинг октябридан бошлаб қатнай бошлаган эди. Поездга жами 257 киши кетади. Поезднинг максимал тезлиги соатига 250 кмга тенг. Ҳозирда Afrosiyob поезди Тошкентдан ҳар куни эрталаб соат 8:00, шанба ва якшанба кунлари эса яна соат 7:00да ҳам йўлга чиқади. Самарқанддан поезд ҳар куни соат 17:00да ортга қайтади. Шунингдек, шанба куни қўшимча 18:00да ҳам яна битта рейс қўйилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: