Ўзбекистоннинг етти фуқароси мамлакатда бўлиш муддатини бузганлик учун Россиядан чиқариб юборилди

Дата: 16:42, 24-01-2018.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг етти фуқароси мамлакатда бўлиш муддатини бузганлик учун Россиядан чиқариб юборилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Калининград вилояти суд ижрочилари Федерал хизмати матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Хорижликлар Россия Федерацияси ҳудудида келиб, вақтинчалик ишлаш учун рухсатнома олишган, лекин унинг амал қилиш муддати тугагач, ўз юртига қайтиб кетмасдан, мамлакатни ихтиёрий тарк этишдан бош тортиб, рўйхатдан ўтмаган ҳолда Россия ҳудудида қолишда давом этган” - дейилади ҳисоботда.

Хабарда қайд этилишича, энди Россия Федерацияси қонун ҳужжатларига мувофиқ, чиқариб юборилган хорижликларга беш йил давомида Россияга кириш мумкин эмас. Ҳозирда Россия Ички ишлар вазирлиги Калининград вилояти бўйича бошқармасининг Гвардейск шаҳридаги Чет эл фуқароларини вақтинча сақлаб туриш марказида Арманистон, Молдова, Украина, Грузия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган 30 киши сақланмоқда. Уларга нисбатан суд ижрочилари томонидан Россия Федерациясидан мажбурий чиқариб юбориш бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда. 

Сурат манбаи: https://www.kaliningrad.kp.ru/online/news/2952007/

Янгилик билан ўртоқлашиш: