Ўзбекистоннинг фақат бир вилоятида фуқаролиги йўқ шахсларнинг 18 минг рўйхатга олинмаган болалари аниқланди

Дата: 15:47, 27-09-2018.

Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг фақат бир вилоятида фуқаролиги йўқ шахсларнинг 18 минг рўйхатга олинмаган болалари аниқланди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бунга доир маълумотлар Адлия вазири Р. Давлетов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Сурхондарё вилоятига сафари доирасида аниқланди. Жойларда аҳоли билан мулоқотлар ташкил этилиб, мавжуд муаммолар ўрганилди, бартараф этиш чоралари кўрилди. Бу борада махсус ишчи гуруҳ тузилди.

Қайд этилишича, ишчи гуруҳ вилоятнинг Узун, Сариосиё, Денов, Олтинсой, Шеробод, Ангор, Термиз каби туманларида бўлиб, у ердаги адлия бўлимлари, давлат нотариал идоралари, давлат хизматлари маркази ва ФҲДЁ фаолияти билан яқиндан танишди.

Ўрганиш натижасида айрим туманларда аҳоли сонига нисбатан ФҲДЁ бўлимлари етишмаслиги, янгиларини ташкил этишга эҳтиёж мавжудлиги маълум бўлди.

“Бундан ташқари, Сурхондарё вилоятида жами 18 000 нафар, Термиз туманининг ўзида эса 480 нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган фарзандларининг туғилиши қайд қилинмаганлиги аниқланди”, - дейилади адлия вазирлиги хабарида.

Таъкидланишича, мазкур муаммони бартараф этиш юзасидан вазирлик томонидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Шундан кейин қайд этилишича, амалиётда эса ҳудудий хотин-қизлар қўмиталари томонидан ФҲДЁ бўлимларидан ортиқча ҳисоботлар талаб қилиниши, ФҲДЁ бўлимлари мудиралари соҳага оид бўлмаган турли йиғилишларга жалб қилинаётганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, улар бевосита ФҲДЁ ҳаракатлари билан боғлиқ жараёнларга аралашаётганлиги, хусусан ёлғиз она ва оталикни белгилашни амалга оширмаслик, ҳаттоки, суд қарори асосида ҳам ажримни қайд қилмаслик сингари талаблар қўйилаётганлиги аниқланди.

Сурат манбаи: из http://protoday.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: