Ўзбекистоннинг Фарғона водийси шаҳарлари Россиялик сайёҳлар учун Ипак йўли маршрутларига киритилади

Дата: 18:49, 27-02-2017.

Тошкент. 27 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг Фарғона водийси шаҳарлари Россиялик сайёҳлар учун Ипак йўли маршрутларига киритилиши мумкин, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу ва бошқа масалалар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Анвар Шароповнинг Россия Федерацияси элчиси Владимир Тюрденев билан учрашувида муҳокама қилинди.

Учрашувда Россия туристик компаниялари Тошкентда бўлиб ўтадиган Халқаро ўзбек туристик кўргазмасида (ХЎТК) миллий стенд билан қатнашишга таклиф қилинди.

Қўмита раҳбари Россия Федерацияси элчисини ўзбек делегациясининг Москва Халқаро туристик кўргазмасида қатнашиши, унинг доирасида туризмни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро келишувни тайёрлаш ва имзолаш йўли билан сайёҳлик соҳасида иккитомонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилиниши кутилаётганлиги ҳақида маълумотлантирди.

Учрашувда россиялик инвесторларни Ўзбекистон туристик инфраструктурасини ривожлаштиришга жалб қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Ҳамкорлик бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: