Ўзбекистоннинг газ таъминловчи корхоналари асоссиз 188 млрд сўм даромад олдилар

Дата: 13:46, 08-10-2019.

Тошкент. 8 октябрь. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг газ таъминловчи корхоналари асоссиз 188 млрд сўм даромад олдилар, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Монополияга қарши қўмита (МҚК) "Ўзтрансгаз" АЖнинг ҳудудий газ таъминоти корхоналари фаолиятини 2018 йилда ва 2019 йилнинг I чорагида тадбиркорлик субъектларига берилган табиий газ тарифларининг асосланиши нуқтаи назаридан ўрганиб чиқди.

"Ўрганиш давомида республика бўйича ҳудудий газ таъминоти корхоналари томонидан белгиланган тарифларни ноқонуний равишда ошириб бориш ва хўжалик юритувчи субъектлар томонидан амалга оширилган олдиндан тўловни ҳисобга олмаганда 8701 та ҳолат аниқланди. (...) Республикада газ таъминоти корхоналари томонидан мазкур даврда 188,2 млрд сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинди", - дейилади МҚК матбуот хизмати хабарида.

Қонунбузарликларнинг аксарияти Самарқанд (3737 та ҳолат 11935,0 млн сўмга), Хоразм (1413 та ҳолат 10866,3 млн сўмга) ва Тошкент (1203 та ҳолат 3290,4 млн сўмга) вилоятларда аниқланган. Энг кам қоидабузарлик Навоий вилоятида (22 та ҳолат 59150,4 млн сўмлик) аниқланди.

"Ҳудудий газ таъминоти корхоналарига нисбатан "Табиий монополиялар тўғрисида"ги қонунни бузиш ҳоллари қўзғатилиб, истеъмолчиларга асоссиз равишда олинган даромадларни қайтариш бўйича кўрсатмалар берилди", - дейилади хабарда.

Қайд этилганидек, корхоналар томонидан белгиланган миқдорни тегишли хўжалик объектларига қайтариш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Сурат манбаи: antimon.gov.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: