Ўзбекистоннинг икки қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури синовдан ўтказилади

Дата: 16:44, 30-03-2018.

Тошкент. 30 март. ЎзТАГ – 1 апрелдан Ўзбекистоннинг икки қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури синовдан ўтказилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб республиканинг ҳар бир туман ва шаҳарида, аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда 2018 йилда 2 тадан ва келгуси йилларда 3 тадан қишлоқда (маҳаллада) аҳолининг яшаш шароитларини босқичма-босқич тубдан яхшилаш, турмуш тарзи ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришларни таъминлашга, мазкур қишлоқларнинг (маҳаллаларнинг) қиёфасини замонавийлаштиришга ва қишлоқ аҳолиси учун иш жойларини яратишга қаратилган “Обод қишлоқ” дастури амалга оширилади”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида"ги Фармони ва “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига шарҳда.

Шунингдек, 2018 йилда мамлакатнинг 174 та туманидаги 368 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудларини комплекс равишда янгилаш чора-тадбирлари белгиланган. Дастурда, айниқса, 127143 та уй-жойни таъмирлаш, уларнинг томини, ташқи кўриниши, ён-атрофини ободонлаштириш ишлари алоҳида ўрин эгаллаган.

Бундан ташқари, дастур доирасида 1535 километр тоза ичимлик суви тармоқларини таъмирлаш, сизот сувлар сатҳини пасайтириш, қишлоқларни туман маркази билан боғлайдиган ҳамда қишлоқ ички йўллари ва пиёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш учун жами 2083 километр йўлларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, шунингдек, лизинг асосида 571 замонавий автобус харид қилиниб, қишлоқ ва туман маркази орасида транспорт қатновини йўлга қўйиш ва ушбу йўналишларда 252 та бекат барпо этиш назарда тутилган.

“Халқаро молия институтларининг кредитлари ҳамда корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан 1847 километр электр таъминоти тармоқларини яхшилаш, аҳолини суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 44868 та газ баллони етказиб бериш ҳамда алоқа тизимини модернизация қилиш ишлари ҳам амалга оширилади”, - деб таъкидланади ҳужжатда.

Сурат манбаи: http://uz24.uz/economics/2015-yilda-surhondaryoning-5-ta-massivida-405-ta-namunaviy-uy-uuriladi

Янгилик билан ўртоқлашиш: