Ўзбекистоннинг майда ишлаб чиқарувчиларига мева-сабзавот маҳсулотларини мустақил экспорт қилиш ҳуқуқи берилди

Дата: 11:50, 07-11-2017.

Тошкент. 7 ноябр. ЎзТАГ – Ўзбекистоннинг майда ишлаб чиқарувчиларига мева-сабзавот маҳсулотларини мустақил экспорт қилиш ҳуқуқи берилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу Ўзбекистон Президентининг “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан кўзда тутилган.

Ҳужжатда айтилишича, бугунги кунда экспортга йўналтирилаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг 90 фоизидан ортиғи кичик ишлаб чиқарувчилар томонидан ёрдамчи хўжаликларда, шу жумладан томорқа участкаларида етиштирилмоқда. “Мазкур ишлаб чиқарувчилар чет эл харидорлари билан шартномалар тузиш ва рухсат берувчи тартиб-таомиллардан ўтиши лозимлиги сабабли маҳсулотларини мустақил равишда экспорт қилиш имкониятига эга эмас”, - дея қайд этилади қарор матнида.

Шуни ҳисобга олган ҳолда, давлат раҳбарининг қарори билан тадбиркорлик субъектларига экспорт контракти тузмасдан уларнинг тўлови ва етказиб берилиши бўйича шартларга риоя қилган ҳолда инвойс асосида мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини амалга ошириш ҳуқуқи берилди, бу халқаро амалиётга мувофиқдир.

Бундан ташқари, қарор билан божхона органлари томонидан экспорт қилинаётган мева-сабзавот маҳсулотларининг табиий йўқотиш нормативини ҳисобга олиш тартиби мавжуд эмаслиги билан боғлиқ бошқа муаммоли масала ўз ечимини топди. “Ҳисобга олинмаган табиий йўқотиш асоссиз дебитор қарздорлик юзага келишига, тегишлича, келиб тушмаган валюта маблағларининг 70 фоизига қадар миқдорда жарима қўлланилишига олиб келган”, - деб таъкидланади давлат раҳбарининг қарорида.

Ҳужжат матнида айтилишича, бундан келиб чиққан ҳолда, қисқа муддатда экспорт қилинган мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотишда табиий йўқотиш нормативлари, шунингдек, уларнинг фактура қийматига тузатишлар киритиш тартибини белгилаш топширилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: