Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида муштлашув юз берди

Дата: 08:51, 04-04-2015.

Тошкент. 4 апрел. ЎзТАГ – Пайшанба куни Москвадаги Казаклар кўчасидаги 2 манзилидаги Ўзбекистон Республикаси элчихонасида бу ерга ташриф буюрган шахс ва муассаса ходими ўртасида жанжал келиб чиқди, деб ёзади “MK.ru” интернет нашри.

Низода жами бир неча киши иштирок этган. Улардан бири консуллик бўлимига ташриф буюрган россиялик Заур исмли шахс. У муддати ўтиб кетган паспортини алмаштириши керак бўлган таниши - Ўзбекистон фуқаросига ҳамроҳлик қилган.

Заурнинг таъкидлашича, элчихона ходимлари унинг саволига қўпол жавоб берганлар, кейин эса уч қўриқчи ва бўлим ходими унга ташланиб, уни урганлар. Эркак кўз жароҳати олган. Уни элчихона ҳудудидан чиқариб юборилганидан кейин ИИВнинг “Якиманка” бўлимига ариза ёзиш учун чопиб кетган. Энди тартиб қўриқчилари текширув ўтказишлари зарур.

Айни пайтда элчихонада жанжални эркакнинг ўзи келтириб чиқаргани ҳақида айтмоқдалар.

“У келиб бизга хўжайинлик қила бошлади. Ўзини жуда қўпол тутди. Унга мутахассиснинг узоқ қабул қилиши ёқмади. Бизда консуллик бўлимида ҳамиша катта навбатлар, у эса барчасига ярим соатда улгуришни истади. Биз унга ҳурмат кўрсатиб ҳудудга киритдик. Эркакнинг ёнида мобил телефони бўлиб, унда гаплаша бошлади. Биз уни бундай қилиш мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирдик. Бунга у “Қаерда ҳоҳласам, ўша ерда гаплашаман”, деб жавоб берди. Мутахассис уни тинчлантиришга ҳаракат қилди, у эса ходимни урди. Ходим жавоб беришга мажбур бўлди”, дейишди дипломатик ваколатхонада.

Элчихонада келган кишини уч қўриқчи урганлигини рад этишди. Ходимларнинг сўзларига кўра, улар уни шунчаки ҳудуддан ташқарига чиқариб юборганлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: