Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари йил бошидан буён $1,2 млрдга озайди
Тошкент. 21 декабр. ЎзТАГ – 2018 йил бошидан буён Ўзбекистоннинг соф олтин-валюта захиралари $1275,8 млнга озайиб, $26567,5 млндан (январ) $25291,7 млнгача (декабр) камайди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Олтин-валюта захираларини ҳисоблаш методикаси Халқаро валюта жамғармасининг стандартлари асосида юритилади. Олтин-валюта захираларининг таркиби хорижий валюта активлари ва қуйма шаклидаги монетар олтиндан иборат”, - деб таъкидланади Ўзбекистон Марказий банкининг хабарида.
ЎМБ маълумотларига кўра, ҳисобот даврида ялпи олтин-валюта захиралари ҳам $2093,9 млнга: $28076,9 млндан $25983,0 млнгача камайган.
Шу жумладан, декабрда хорижий валютадаги активлар $11016,0 млнни, монетар олтин – $14966,9 млнни ташкил этган.
“2018 йил январ-ноябрда ОВЗнинг озайиши қисман олтин нархининг 1296,50 дан 1220,45 долл/тр. унцияга пасайиши ҳисобига юзага келди (нархнинг олтин-валюта захираларининг камайишга таъсири - $823,2 млн)”, - деб хулоса қилинади банк хабарига.
Сурат манбаи: https://goldvoice.club