Ўзбекистоннинг парламент делегацияси Вашингтонда қатор учрашувлар ўтказди

Дата: 15:25, 06-11-2017.

Тошкент. 6 ноябр. ЎзТАГ – 2017 йил 1-3 ноябр кунлари Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан ташкил топган Ўзбекистон Республикаси парламенти делегацияси Вашингтонда бўлди. Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи Конгресс кутубхонасида ҳузуридаги "Очиқ дунё раҳбарлиги" маркази билан ҳамкорликда ташкил этилди, дея хабар беради Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

“Қонун чиқарувчилар Капитолийда бир қатор учрашувлар ўтказдилар. Хельсинки Комиссияси раиси, сенатор Рожер Уикер, Ташқи ишлар қўмитасининг катта аъзоси Элиот Энджел, етакчи конгрессменлар Францис Руни, Жефф Фортенберри, Давид Прай, Жим Макговерн, Роберт Адерхолтлар билан музокаралар ташкил этилди. АҚШ Сенати Ташқи алоқалар ва ассигнованиялар қўмиталари стафферлари, Конгресс тадқиқот хизмати мутахассислар билан конструктив фикр алмашинуви бўлиб ўтди”, - дейилади хабарда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасига маълумотига кўра, мамлакатимиздаги ўзгариш ва ислоҳотлар АҚШ қонунчиларининг қизиқишини уйғотган.

“Давлат ҳокимиятининг мустақил бўлими сифатида республикада парламент ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни муҳокама қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда Олий Мажлисга давлат органлари фаолияти устидан кенг назорат ваколатлари берилгани, ички ва ташқи сиёсатининг долзарб масалалари бўйича парламент эшитуви ташкил этиш амалиёти йўлга қўйилгани, депутатлар ва сенаторлар сайловчиларнинг жойлардаги муаммоларини бевосита иштирок этиш ҳудудларда ўз ишини кучайтиргани таъкидланди”, - дейилади хабарда.

АҚШ томони Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари, Тошкентнинг Марказий Осиё минтақасида бутунлай янги сиёсий муҳитни шакллантиришга қаратилган курси ҳақида маълумотлантирилди.

Конгрессменлар, сенаторлар ва уларнинг стафферлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сентябр ташрифи натижалари, Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми доирасида $ 2,6 млрдлик шартномалар имзолангани билан таништирилди.

“Конгресс вакиллари ўтган йилги президент сайловларидан сўнг қисқа вақт ичида Ўзбекистон эришган натижаларга юксак баҳо берди. Парламентлараро муносабатларни ривожлантириш ҳақида келишиб олинди”, - дея таъкидланади хабарда.

Ўзбекистон Олий Мажлиси делегациясининг АҚШга ташрифи дастуридан штатлар даражасида ҳамкорликни ривожлантириш йўлларини муҳокама қилиш учун мамлакатнинг икки ҳудудига ташриф буюриш ҳам режалаштирилган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: