Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси гольфни энг яхши ўйновчи дипломат деб топилди

Дата: 17:05, 01-06-2016.

Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ - Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси Баҳром Ашрафхонов Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланиб ўтказилган 21-хайрия турнирида "энг яхши гольф ўйновчи элчи" сифатида тан олинди, деб хабар қилади "Интерфакс".

Дипломатик корпус учун хизмат бош бошқармасининг Москва шаҳри яқинида жойлашган филиали майдонида ўтказилган турнир бир вақтнинг ўзида ҳам нуфузли спорт мусобақаси, ҳам хайрия маблағлари йиғиш бўйича тадбир шаклида ўтказилди. Кейинги 20 йил давомида бу спорт маросими орқали 80 млн рублдан ортиқ (РФ МБ курси бўйича  $1,2 млндан ортиқ) хайрия маблағи болалар учун йўналтирилди. Шунингдек, турнир гольф спортини оммалаштиришга хизмат қилади.

Жорий йилда дипломатик корпус номидан Австралия, Вьетнам, Малайзия, Кот-Д-Ивуар, Лаос элчихоналари дипломатлари қатнашди.

Эслатиб ўтамизки, Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси сифатида Москвага жорий йилнинг 24 февралидан кейин келган эди. У бунгача Молия вазири ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Молия вазири ўринбосари – Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи лавозимида ишлаган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: