Ўзбекистоннинг ўсиши хусусий инвестицияларнинг ўсишига боғлиқ – ЖБ

Дата: 12:38, 20-02-2019.

Тошкент. 20 феврал. ЎзТАГ – Хусусий тармоқ инвестицияларининг кўпайиши Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсишини тезлаштиради, деб уқтирилади Жаҳон банки гуруҳининг тадқиқотида, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Унинг тақдимоти 18 феврал куни Тошкентда бўлиб ўтди. Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва Жаҳон банкининг биргаликдаги янги тадқиқотида Ўзбекистон хусусий секторнинг етакчи роли орқали экспортга йўналтирилган иқтисодиётни таъминлай олиши мумкин, деб уқтирилади. Бунга миллий иқтисодиётнинг истиқболли тармоқларини, шу жумладан, фуқаро авиацияси, ахборот-коммуникация технологиялари, кимё саноати ва мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш тармоғини ислоҳ қилиш ва модернизация қилиш орқали эришиш мумкин.

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Жаҳон банки ва IFC томонидан Ўзбекистонда биринчи маротаба биргаликда амалга оширилган хусусий тармоқнинг комплекс таҳлили модернизация ва инвестицияларга жиддий эҳтиёж сезаётган ушбу тармоқларда бозорларни яратиш стратегиясини таклиф қилади.

“Ўзбекистонда бозорларни яратиш” ҳисоботида таъкидланишича, давлат корхоналари устувор бўлган тармоқларга инвестицияларни жалб қилиш учун меъёрий-ҳуқуқий базани ривожлантириш, рақобатни кучайтириш ва ушбу корхоналарнинг самарадорлигини оширишга қаратилган тизимли ислоҳотлар ўтказиш, шунингдек, ушбу тармоқларда ҳукуматнинг бошқарув салоҳиятини мустаҳкамлаш зарур.

Ўзбекистон узоқ вақтдан бери марказий режалаштирилган иқтисодиётга эга бўлган мамлакат бўлиб келди. Вазият очиқ, интеграллашган ва экспортга йўналтирилган иқтисодиёт, шунингдек, хусусий секторни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишга йўналтирилган курс белгиланган 2016 йилдан бошлаб сезиларли даражада ўзгара бошлади.

“Тизимли ислоҳотлар, инфратузилмани яхшилаш ва хусусий сектор ролини кучайтириш, бой табиий ресурслар ва қулай иқлим шароитлари, Европа ва Осиё чорраҳасида стратегик жойлашиш Ўзбекистонга савдо ва инвестициялар бўйича минтақавий марказга айланишга ёрдам беради”, - деб таъкидлади IFCнинг Лотин Америкаси ва Кариб денгизи, Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Жоржина Бейкер.

Тадқиқотда юқорида айтиб ўтилган тармоқлардаги ўзгариш жараёнларини мамлакатдаги макроиқтисодий ислоҳотлар билан тўлдириш тавсия қилинади.

Шунингдек, тадқиқотда Ўзбекистонда барқарор ва яхши иш ҳақи тўланадиган иш ўринларини яратиш салоҳиятига эга бўлган бошқа соҳалар ҳам кўрсатиб ўтилган. Буларга транспорт инфратузилмаси, банк-молия хизматлари, туризм, чакана савдо тармоқлари ва озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш кабилар ҳам киради.

 

Сурат манбаи: mir-biznesa.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: