Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $7,9 млрдни ташкил этди

Дата: 15:39, 30-05-2018.

Тошкент. 30 май. ЎзТАГ – 2018 йил январ-мартда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси $7,9 млрдни ташкил этди, шу жумладан, экспорт $4,1 млрдни, импорт – $3,8 млрдни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Солиштириш учун 2017 йил январ-декабрда ташқи савдо айланмаси $26,907 млрдни ташкил қилган, шу жумладан, экспорт – $13,893 млрд ва импорт $13,014 млрдга тенг бўлган. Ташқи савдо сальдоси $880,2 млнни ташкил қилди, шу жумладан, МДҲ мамлакатлари билан $729,3 млн ва бошқа мамлакатлар билан – $150,9 млн.

Ушбу маълумотлар 28-29 майда Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегияси: макроиқтисодий барқарорлик, инвестиция фаоллиги ва инновацион ривожланиш истиқболлари” халқаро конференциясида келтирилди. Тадбир Тошкент давлат иқтисодиёт университетида Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси ва Тошкент Халқаро Вестминстер университети билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Форумда Россия, Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан таниқли иқтисодчи-олимлар, хусусан, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон Фанлар академияси академиклари, Германия, Буюк Британия, Австралия ва Индонезиянинг олий ўқув юртлари ректорлари ва иқтисодчилари, халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус ва хорижий компаниялар ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, амалиётчи мутахассислар, шунингдек, нуфузли олий ўқув юртлари ўқитувчилари иштирок этди.

Ўтган йили юқори даражадаги ташрифлар доирасида Хитой Халқ Республикаси билан $23 млрд, Россия Федерацияси билан $16 млрд, Корея Республикаси билан $10 млрд, Турция билан $3,5 млрд, Қозоғистон билан - $2,2 млрд ва Қирғизистон билан $455 млнлик инвестиция ва савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантириш бўйича икки томонлама ҳукуматлараро битимлар имзоланди. Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан муносабатлар тўлиқ қайта тикланди, унинг томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун $190 млн кредит линиясини тақдим этилди.

Турли йўналишлар бўйича 20 дан ортиқ лойиҳалар ишлаб чиқилди. Европа инвестиция банки ва Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ўзбекистон яқинда ташкил этилган Осиё инфратузилмаси инвестициялари банкининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлди.

Ташқи савдо йўлидаги сунъий тўсиқларни олиб ташлаш бўйича ишлар давом эттирилди. Хусусан, олдиндан тўлов ва кафолат мажбуриятларисиз экспорт тартиби жорий этилди, ортиқча ва эскирган лицензия талаблари бекор қилинди ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш механизмлари соддалаштирилди.

$1=7982,25 сўм

Сурат манбаи: https://www.6i.com.br/blog/sites-para-industrias/

Янгилик билан ўртоқлашиш: