Ўзбекистоннинг туристик салоҳияти Қозоғистонда тақдим этилди

Дата: 14:42, 21-04-2014.

Тошкент. 21 апрель. ЎзТАГ – Алмати шаҳрида Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси Қозоғистон туристик ассоциацияси (КТА) билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда туризм ва унинг имкониятлари” номли тақдимот ўтказди, дея хабар беради «Жаҳон» ахборот агентлиги.
Агентликнинг таъкидлашича, тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – қозоқ жамоатчилигини Ўзбекистондаги демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатга туристлар оқимини кўпайтиришга қаратилган чоралар ҳақида хабардор қилишдан иборат бўлган.
Тақдимотда қатнашган етакчи қозоқ туристик агентликлари ва ОАВ вакиллари Ўзбекистоннинг туризмни ривожлантириш, унинг инфраструктурасини такомиллаштириш йўлидаги ҳаракатлари, шунингдек, мамлакатнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишдилар. Иштирокчилар Ўзбекистонда соғломлаштириш туризми имкониятларига алоҳида қизиқиш билдирдилар.
Тақдимотда сўзга чиққан КТА раиси ўринбосари Шакира Адилбекова Ўзбекистондаги туристик ярмаркаларда иштирок этиш ушбу соҳадаги ҳамкорликнинг ривожига катта ҳисса қўшаётганлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда тарихий мерос асраб авайланмоқда, бу эса, ўз навбатида, ушбу мамлакатга боришни истаган сайёҳлар сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: