Ўзгидромет Ўзбекистондаги кўпчилик тоғ дарёларида сув кўпайиши сақланиб қолишини маълум қилди
Тошкент. 24 апрел. ЎзТАГ – Ҳаво исиши сабабли Ўзбекистондаги кўпчилик тоғ дарёларида сув кўпайиши сақланиб қолди, дея хабар қилинади Гидрометеорология хизмати маркази (Ўзгидромет) сайтида.
“24-28 апрел кунлари ҳаво ҳароратининг 30-32°гача кўтарилиши натижасида кўпчилик тоғ дарёларида сув кўпайиши кутилади”, - дейилади душанба куни тарқатилган хабарда.
Ўзгидромет маълумотларига кўра, сел оқимларининг келиши, қирғоқларнинг ўпирилиши ҳамда дарёлар ўзанларига туташ ҳудудларнинг сув остида қолиши эҳтимоли мавжуд.
Бундан ташқари, республиканинг 2200 метрдан баланд тоғли ҳудудларида мазкур мавсумда кўчки содир бўлиши мумкин.