Жаҳон банки $376,7 млн маблағнинг бир қисмини Қорақалпоғистондаги лойиҳалар учун ажратади
Тошкент. 1 июн. ЎзТАГ - Жаҳон банки $376,7 млн маблағнинг бир қисмини Қорақалпоғистондаги лойиҳалар учун ажратади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маблағлар “Жанубий Қорақалпоғистондаги сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида берилади.
Ушбу лойиҳа 2016-2021 йиллларда Жаҳон банкининг имтиёзли кредитлари ва Ўзбекистон Республикасининг ўз маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Хусусан, узунлиги 70 км ва сув ўтказиш қуввати секундига 105 кубометр сувга тенг бўлган "Бўстон” бетон магистрал канални қуриш, узунлиги 31,1 км ва сув ўтказиш қуввати секундига 160 кубометр сувга тенг Туямўйин магистрал каналини реконструкция қилиш, узунлиги 27,5 км “Пахта-арна” магистрал каналини ҳам реконструкциядан ўтказиш режалаштирилмоқда. Шунингдек, 375-километр хўжаликлараро каналлар ва гидротехник иншоотларни ҳам таъмир қилиш кўзда тутилган.
Буларнинг бари Қорақалпоғистоннинг Беруний, Тўрткўл ва Элликқалъа туманларидаги сув таъминотини яхшилайди.