Жаҳон банки Директорлар кенгаши шошилинч тиббий ёрдамни яхшилаш учун $100 млнлик кредитни маъқуллади

Дата: 17:56, 26-04-2018.

Тошкент. 26 апрел. ЎзТАГ – 25 апрелда Жаҳон банки Директорлар кенгаши Ўзбекистонда шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилаш учун $100 млнлик кредит ажратишни маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ЖБ матбуот релизига таянган ҳолда.

Банк маълумотларига кўра, Ўзбекистондаги мавжуд шошилинч тиббий ёрдам тизими туман ва вилоятлар орасида интеграциялаштирилган компьютерли диспетчерлик хизмати йўлга қўйилмаганлиги туфайли мурожаатларга етарли даражада самарали хизмат кўрсата олмаяпти. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда ҳар 18,300 одамга бир дона тез тиббий ёрдам машинаси тўғри келади. Миллий меъёрлар бўйича ушбу кўрсаткич 13 000 одамга бир дона тиббий ёрдам машинаси бўлиши керак. Бундан ташқари, ҳозирда мавжуд бўлган тез тиббий ёрдам машиналари паркининг аксар қисми бирламчи шошилинч тиббий ёрдамни кўрсатиш талабларига тўлиқ жавоб бермайди.

“Шошилинч тиббий ёрдам тизимини яхшилашга қаратилган лойиҳанинг асосий бенефициарлари турли бахтсиз ҳодисада шикастланганлар, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтожлар, шунингдек акушерлик ёрдами зарур бўлган инсонлар бўлади. Бутун мамлакат бўйлаб жойлашган касалхоналар шошилинч тиббий ёрдам зарурати ҳолатларида самарали равишда жавоб бериши учун салоҳиятларини ошириш бўйича кўмак оладилар”, - деб таъкидланади банк хабарида.

Лойиҳа доирасида Ўзбекистоннинг 12 вилоятида ва Тошкентда интеграциялашган диспетчер марказлари ташкил этилиб, улар қўнғироқларни қабул қилиш, шошилинч тиббий ёрдам машиналари ҳаракатини мувофиқлаштириш ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш учун жавоб беради. Шунингдек, лойиҳа доирасида 60та замонавий тез тиббий ёрдам машиналари харид қилинади ва республика шифохоналарига тақсимланади

Эслатиб ўтамизки, Жаҳон банки Ўзбекистонга 17 та лойиҳани амалга ошириш доирасида кенг турдаги мақсадларга етишиш бўйича умумий қиймати $2,8 млрддан ортиқлик ёрдам кўрсатмоқда.

Сурат манбаи: http://www.vsemirnyjbank.org/ru/about

Янгилик билан ўртоқлашиш: