Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб қувватлашда етакчи ҳамкор бўлишга тайёр

Дата: 15:12, 05-10-2017.

Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – Жаҳон банки гуруҳи Ўзбекистондаги ислоҳотларни қўллаб қувватлашда етакчи ҳамкор бўлишга тайёр, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга Жаҳон банки гуруҳи президенти Жим Ёнг Ким, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жаҳон банки гуруҳи Сизнинг бу борадаги фаолиятингизни қўллаб-қувватлашга тайёр экани, Сиз томонингиздан ташкилотимизга билдирилаётган ишончни юксак қадрлашимизни алоҳида қайд этмоқчиман. Биз Ўзбекистондаги иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни қўллаб-қувватлашда Сизнинг етакчи ҳамкорингиз бўлишга тайёрмиз, ўтган ҳафта умумий қиймати 450 миллион АҚШ долларига тенг учта инвестиция лойиҳасини имзолаганимиз шундан далолат беради. Ушбу лойиҳалар Ўзбекистонга электр энергетикаси, ирригация ва чорвачилик тармоғини ривожлантиришни рағбатлантириш учун зарур бўладиган сармоя киритиш имконини беради”, - дейилади хатда.

Сизнинг мева-сабзавотчилик ва чорвачиликни ривожлантириш орқали қишлоқ хўжалиги соҳасини диверсификация қилиш ва самарадорлигини оширишга қаратаётган алоҳида эътиборингиз менда катта таассурот қолдирди. “Пахта йиғим-теримида иштирок этувчилар меҳнатига ҳақ тўлашни яхшилаш ҳамда олдин қўлланилган меҳнат шаклларини бартараф этиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларингиз жуда ижобий қабул қилинди”, - деб давом этади Жим Енг Ким.

Мен Сизнинг техник ва молиявий кўмак бўйича мурожаатингизни кўриб чиқдим ҳамда уларни тайёрлаш бўйича ишни тезлаштириш юзасидан топшириқ бердим, деб давом этади Жим Енг Ким. “Сизнинг ташаббусингиз билан ишлаб чиқилган Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида эҳтиёжлар ортишини инобатга олиб, биз мамлакатингиз билан Шериклик стратегияси доирасида Жаҳон банки гуруҳи томонидан молиялаштиришни тезлаштириш ҳамда таркибий ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий ва асосий инфратузилмани модернизациялаш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилишда юқори даражадаги техник кўмак тақдим этишга тайёрмиз”, - дея таъкидланади мактубда.

“Мен Жаҳон банки бош ижрочи директори Кристалина Георгиева ва минтақавий вице-президенти Сирил Мюллерга истиқболдаги ҳамкорлигимизни муҳокама қилиш ва келишиб олиш учун Сиз билан яқин вақтда учрашиш бўйича топшириқ бердим. Музокараларимиз давом этишини сабрсизлик билан кутиб қоламан”, - деб якунланади ЖБ раҳбарининг мактуби.

Янгилик билан ўртоқлашиш: