Жаҳон банки подстанцияларни модернизация ва реконструкция қилишга $150 млн ажратди

Дата: 19:15, 24-11-2016.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Жаҳон банки ижрочи директорлари кенгаши Ўзбекистон магистрал тармоқлар подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш лойиҳаси учун $150 млн маблағ ажратилишини маъқуллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) банк хабарига асосланган ҳолда.  

Лойиҳа республикадаги магистрал электр тармоқларининг техник самарадорлиги ва ишончлилигини оширишга йўналтирган.

“Ушбу лойиҳа Ўзбекистон ҳукуматининг муҳим институционал ва инфраструктуравий чекловларни бартараф қилишга бўлган уриниши хусусий сектор самарадорлигини оширишга ёрдам беради ва муносиб ҳақ тўланадиган иш жойларини яратишни қўллаб-қувватлайди, бу эса ўз навбатида иқтисодий ўсиш ва оилаларнинг, хусусан, заиф ҳолатдаги оилаларнинг турмуш даражаси ошишига олиб келади. Инвестиция Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб даромади ўртачадан юқори бўлган саноати ривожланган мамлакатгаайланишига кўмаклашади”, - дейилади ЖБ хабарида. 

Лойиҳага мувофиқ, Тошкент шаҳри ва 10 вилоятдаги 22та подстанцияларнинг реконструкция қилиниши асносида улардан фойдаланиш ва техник хизмат жараёнидаги техник йўқотиш ва харажатлар қисқаради. Лойиҳа доирасида ўрта кучланишли 110 киловольтли ихчам подстанциялар ва магистрал электр тармоқларидаги узилишларни зудлик билан бартараф этишда зарур бўладиган қайта тиклаш тизимларини сотиб олиш режалаштирилган. Мазкур янги технология миллий энергия тизими барқарорлигини оширади.

 “Ўзбекэнерго” АЖ томонидан амалга оширилаётган лойиҳа Халқаро тараққиёт ва тикланиш банкининг $92 млн, Халқаро тараққиёт уюшмасининг $58 млн маблағи ҳисобига молиялаштирилади.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда аъзо бўлган. Жаҳон банкининг республикадаги жорий мажбуриятлари ҳажми $2 млрддан зиёд. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: