Жаҳон банки Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг янги концепциясини қабул қилди
Тошкент. 15 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Жаҳон банки ижрочи директорлар кенгаши 2016-2020 йилларга Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик концепциясини тасдиқлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Янги стратегик дастур 2030 йилга бориб ўрта даромадли мамлакатлар гуруҳининг юқори сегментидаги мамлакат мавқеига эришиш миллий мақсадини қўллаб-қувватлайди. Ушбу мақсадга иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва инфратузилмани такомиллаштириш йўли билан эришилади”, - деб таъкидлашди банк матбуот хизматида.
Кўп йиллардан бери Жаҳон Банки гуруҳи Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда фаолият юритиб, иқтисодий ва молиявий бошқарувни яхшилаш бўйича тавсиялар беради. Кейинги ўн йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсди, шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламлари ҳаётини яхшилаш йўлида салмоқли ютуқларга эришилди. Ҳозирги пайтда ташқи иқтисодий муҳитнинг бироз заифлашганини ҳисобга олиб, Ўзбекистон иқтисодий ўсишнинг янги омилларини излашига тўғри келади, шу боис сифатли ишчи ўринларининг яратилиши мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
“Тезда ўсиб келаётган ишчи кучни ҳисобга олиб, ривожлантиришнинг асосий вазифаси янги самарали ва барқарор иш ўринларини ташкил этиш ҳисобланади, бунинг учун етакчи куч хусусий сектор бўлган бозор иқтисодиётига ўтишни тезкорлик билан йўлга қўйиш зарур. Ўзбекистоннинг даромадлари барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш учун хусусий тармоқни ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаштириш ва либерализациялаштириш, аҳолига кўрсатилувчи давлат хизматлари сифатини ошириш лозим”, - деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жунгхун Чо.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон Жаҳон банкига 1992 йилда, Халқаро Молия корпорациясига қўшилган. Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги жорий мажбуриятлари $2 млрддан зиёдни ташкил қилади.