Жаҳон банки Ўзбекистонда лойиҳалар амалга оширишга $2,8 млрд молия маблағлари ажратди

Дата: 10:11, 20-01-2017.

Тошкент. 20 январ. ЎзТАГ – Жаҳон банки Ўзбекистонда лойиҳалар амалга оширишга $2,8 млрд молия маблағлари ажратди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).  

Бу ва бошқалар ҳақида сўз Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллернинг 19 январ куни бўлиб ўтган учрашувида кетди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, Сирил Мюллер мамлакатга иш ташрифи билан келган. 

Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади. 

Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик электр-энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида давом этаётгани, бунга Жаҳон банкининг $2,8 млрд маблағи жалб этилгани ҳамда 33 қўшма лойиҳани ўз ичига олиши қайд этиб ўтилди.

2016 йилда Ўзбекистон ва Жаҳон банки 2020 йилгача ҳамкорлик қўшма дастурини қабул қилган бўлиб, унга 27 муҳим лойиҳа киритилган. Лойиҳаларнинг умумий қиймати $4 млрддан иборат, шундан $3 млрди Жаҳон банки кредитларидир. 

Сирил Мюллер Ўзбекистонда кичик бизнесни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини янада яхшилаш бўйича яқинда қабул қилинган чора-тадбирлар ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидлади. 

Учрашувда ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари хусусида фикр алмашилди, шериклик муносабатларини янада кенгайтириш ва истиқболли лойиҳаларни амалга оширишнинг асосий йўналишлари муҳокама этилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: