Жаҳон банки Ўзбекистонга $305 млнлик узоқ муддатли икки кредит ажратди

Дата: 12:55, 02-07-2015.

Тошкент. 2 июл. ЎзТАГ – Жаҳон банкининг (ЖБ) Директорлар кенгаши Ўзбекистонга умумий қиймати $305 млнлик икки кредит ажратиш ҳақидаги қарорни маъқуллади, деб хабар беришди Ўзбек телеграф агентлигига (ЎзТАГ) пайшанба куни ЖБнинг республикадаги ваколатхонасида.

“Хусусан, ЖБ узунлиги 300 км бўлган умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини реконструкция қилишга $200 млн миқдорда кредит ажратишни маъқуллади. Лойиҳа 2021 йилнинг сентябрида якунланади”, – деб айтишди ЖБ ваколатхонасида.

“Шунингдек, ЖБ Ўзбекистонга Бухоро ва Самарқанд канализация тармоқларини реабилитация қилиш лойиҳасини амалга ошириш учун қўшимча $105 млн маблағ ажратди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича биринчи кредит 2009 йилда берилган эди”, – деб қўшимча қилди молия муассасаси вакили.

Ҳар икки кредит ЖБ гуруҳига кирувчи Халқаро ривожланиш ассоциацияси маблағлари ҳисобига ажратилади. Маблағлар 25 йилга 5 йиллик имтиёзли муддат билан берилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистон ЖБ 1992 йилда аъзо бўлган. Банк мамлакатга хусусийлаштириш, молия тармоғини ривожлантириш, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш, электроэнергетика, ижтимоий инфраструктурани яхшилаш, соғлиқни-сақлаш ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун $1,8 млрд атрофида маблағ ажратган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: