Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга яна $500 млн ажратди

Дата: 12:52, 31-01-2018.

Тошкент. 31 январ. ЎзТАГ – Жаҳон банки (ЖБ) гуруҳига кирувчи Халқаро тикланиш ва тараққиёт банки томонидан мева-сабзавот етиштиришни ривожлантириш учун Ўзбекистонга $500 млнлик заём ажратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу лойиҳа Жаҳон банкининг Директорлар Кенгаши томонидан Ўзбекистоннинг мева-сабзавот тармоғини қўшимча молиялаштириш лойиҳаси доирасида тасдиқланди.

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабарига кўра, лойиҳа доирасида мамлакатнинг барча ҳудудларида фермерлар ва қишлоқ хўжалик бизнеси вакиллари минглаб иш ўринларини яратишга ёрдам берувчи катта ҳажмдаги техник ва молиявий ёрдамдан фойдаланиш имкониятига эга бўладилар.

 “Қишлоқ хўжалиги ва қишлоқ туманларини ривожланиш Ўзбекистонда ислоҳотлар жараёнларининг диққат марказида туради, ва мева-сабзавотчиликка ўтиш давлат инвестиция стратегиясининг муҳим қисмидир”, - дейди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

 Бугунги кунда Ўзбекистондаги мева ва сабзавотчилик тармоғи қишлоқ жойларда мавсумий иш билан бандликнинг муҳим манбаларидан биридир. Мева ва сабзавот маҳсулотларига мамлакатдаги барча экинлар ҳосилининг 50%гача, шунингдек, қишлоқ хўжалиги экспортидан тушадиган маблағларнинг 35%идан ортиғи тўғри келади.

Эслатиб ўтамизки, 2014-йилда тасдиқланган, $150 млнлик “Ўзбекистонда боғдорчилик соҳасини ривожлантириш” бошланғич лойиҳаси ушбу соҳани ривожлантириш учун тўсиқларни олиб ташлашга қаратилган эди.

Жорий лойиҳа унинг ютуқларига асосланган бўлади.

Жаҳон банки Ўзбекистон ҳукуматига мамлакатни тараққий топтиришда кўмаклашмоқда. Бугунга қадар банк 16 лойиҳаларни амалга оширишга $2 млрддан зиёд маблағ ажратган. Улар қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарларни ривожлантириш, сув таъминоти ва санитария соҳаларида фундаментал ўзгаришларга қаратилган.

Сурат манбаи: http://keywordsuggest.org/gallery/1274765.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: