Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети қошида халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этилади

Дата: 16:02, 20-06-2017.

Тошкент. 20 июн. ЎзТАГ – Лестер университети (Буюк Британия) билан тузилган келишувга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги қошидаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетида (ЖИДУ) халқаро тадқиқотлар маркази ташкил этилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 19 июн куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида Вазир Абдулазиз Камилов раислигида ЖИДУга бағишланган йиғилишда сўз кетди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети фаолияти ҳолатини ўрганиш ва тубдан такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш Ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида”ги фармойишига кўра ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолият соҳаларида кадрларни тайёрлаш, дипломатик хизмат, илғор хориж тажрибаси ва замонавий халқаро стандартлар асосида ўқиш жараёнини модернизация қилиш истиқболлари билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди”, - дейилади ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда ЖИДУ ректори Абдумалик Жумановнинг етакчи хориж ОТМлари билан ҳамкорлик тўғрисидаги университет томонидан имзоланган икки томонлама ҳужжатларни татбиқ қилишга оид маълумоти тингланди. Жумладан, Буюк Британиянинг Лестер университети билан меморандумга кўра, ЖИДУ қошида халқаро тадқиқот мактабини яратиш, Москва давлат халқаро муносабатлар институти (Россия) билан ҳамкорлик тўғрисидаги битимга кўра янги таълим технологиялари ва дастурлари, хусусан масофадан ўқитиш тизимини жорий этиш бўйича томонлар тажрибасини қўллаш ҳамда Шанхай халқаро тадқиқотлар университети (Хитой) билан тузилган битимга кўра биргаликда тадқиқотлар ўтказиш назарда тутилмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: