“Жамоамизда катта салоҳият бор, лекин биз ҳали ўйинимизни такомиллаштиришимиз керак” – Самвел Бабаян

Дата: 22:58, 07-09-2015.

Тошкент. 7 сентябр. ЎзТАГ – Жамоамизда катта салоҳият бор, лекин биз ҳали ўйинимизни такомиллаштиришимиз керак. Ушбу фикрни Ўзбекистон термасининг бош тренери Самвел Бабаян билдирди, деб хабар қилади республика Футбол федерацияси матбуот хизмати.

“Бугун жамоамиз гуруҳда 3-ўриндалигини (Шимолий Корея ва Филлиппиндан кейин – ЎзТАГ) ҳисобга олган ҳолда, биз учун ҳар битта ўйин жуда муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтишим мумкин, - деди Самвел Бабаян 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичи 4-тур ўйинлари доирасидаги Филиппин – Ўзбекистон учрашуви олдидан матбуот анжуманининг бошида.

“Холбуки жамоа катта салоҳиятга эга, лекин биз ҳали ўйинимизни такомиллаштиришимиз керак. Ушбу ўйинга жамоа билан жуда яхши тайёрландик, деб айта оламан. Эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Рақибни ҳурмат қиламиз. Бу жамоа бекорга икки ўйинда олти очко тўпламади. Улар бизнинг гуруҳда етакчилардан бири ҳисобланади. Филиппин – бир неча яхши ижрочиларга эга бўлган ва тартибли ўйин намойиш этадиган жамоа. Шунга қарамай биз бу ерга ўз олдимизга қўйилган вазифаларни бажариш учун келдик. Эртага ўзимизнинг энг яхши ўйинимизни ўтказишга ҳаракат қиламиз”, - деди Ўзбекистон термасининг бош тренери.

Бабаяндан кейин Сервер Жепаров ҳам ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди. “Бу менинг Филиппинга илк ташрифим ва бу ерда эканимдан жуда хурсандман. Бўлажак ўйинга келадиган бўлсак, биз бу ерга фақат ғалаба учун ташриф буюрганмиз. Ўйлайманки, эртага яхши ўйин намойиш қилиб, ўзимизга керакли натижа билан қайтамиз”, - деди Жепаров.

“Биз Ўзбекистондан Филиппинга учиб келишга деярли бир кун сарфладик, лекин бу ўйинга тайёргарлик режамизга мувофиқ тарзда ишларимизни олиб борсак, узоқ парвоз ўйинимизга салбий таъсир кўрсатмайди, деб ўйлайман”, - деб давом этди С.Бабаян, журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб.

“Филиппин термасида жамоа сардорини (Фил Янгхазбанд – ЎзТАГ) ажартиб кўрсатган бўлар эдим. Агар унга ўйин бермасак, муаммоларнинг бир қисмини ҳал қилган бўламиз”, - деб таъкидлади Бабаян.

“Терма жамоа ва клубда бош мураббий бўлиб ишлаш бир-биридан жуда фарқ қилади. Терма жамоада футболчиларга ўз ғояларингни уқтириш учун вақт жуда оз. Шундай бўлса-да, қўл остимдаги Ўзбекистон жамоасида кўплаб кучли клубларда ўйнаётган юқори савияли футболчилар бор. Бу борада омадим келган деб айта оламан. Ушончим комилки, ўйиндан-ўйинга кучайиб борамиз. Биринчи ўйиндаёқ биз жорий этишга ҳаракат қилаётганмиз янги ўйин тизими парчаларини кўрдим”, - деб давом этди Ўзбекистон термаси бош мурабийси.

“Терма жамоада ҳозир ўйинни тартибли йўлга қўйиш ва ўзим истаган ўйин услубини йигитларга сингдириш мен учун муҳим. Шундай пайтда жамоангда Сервер Жепаров ва Александр Гейнрих каби футболчиларнинг бўлиши бу исталган мураббий учун бахт”, - деб қўшимча қилди Самвел Бабаян.

“Шимолий Кореяга қарши ўйинда йўлга қўйилган асосий хато ҳимоядаги парокандалик бўлган ва менинг терма жамоага келиб, биринчи бўлиб қилишим керак бўлган иш – шу камчиликларни бартараф этиш эди. Ўйлайманки, ҳимоя ва ҳужум чизиғи ўртасидаги мутаносиблик, уйғунлик яхши йўлга қўйилди. Бўлажак ўйинларда аввалги хатолар такрорланмайди деб ўйлайман”, - деб хулоса қилди Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян.

Эслатиб ўтамизки, бундан олдинроқ, 3 сентябрда футбол бўйича Ўзбекистон миллий термаси 2018 йилги Жаҳон чемпионатининг иккинчи саралаш босқичида Яман термаси устидан минимал 1:0 ҳсобида ғалаба қилган эди.

Филлиппин ва Ўзбекистон термалари ўртасидаги ўйин сешанба, 8 сентябрда бўлиб ўтади. Мазкур учрашув тошкент вақти билан соат 17.00да бошланади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: