Жанубий Корея Ўзбекистонга йирик объектлар қуриш ва эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришда ёрдам бермоқда

Дата: 13:48, 24-11-2017.

Тошкент. 24 ноябр. ЎзТАГ – Жанубий Корея Ўзбекистонга йирик объектлар қуриш ва эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришда ёрдам бермоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида, хусусан, Корея Республикаси президенти Мун Чжэ Ин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан 23 ноябрда Сеулда бўлиб ўтган учрашувида гапирилди.

“Энергетика соҳасидаги алоқалар ҳам жадал ривожланмоқда. 2016 йил Жанубий Корея билан ҳамкорликда Устюрт газ-кимё мажмуаси барпо этилди. Мамлакатларимизнинг савдо-иқтисодий ҳамда сармоявий ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлган ушбу йирик лойиҳага 4 миллиард доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилган”, - дейилади Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабарида.

Корея Республикаси халқаро миқёсда ривожланган ва жозибадор эркин иқтисодий зоналарга эга мамлакатлардан бирилиги таъкидланди. “Ушбу мамлакат Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш ва уларни ривожлантиришга кўмаклашаётир. “Навоий” эркин иқтисодий зонасида Жанубий Корея, Хитой, Италия, Сингапур, Ҳиндистон, БАА ва бошқа мамлакатлар иштирокида 20 та корхона фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, 2008 йилдан бери “Korean Air” компанияси “Навоий” халқаро аэропорти орқали юк ташишларни амалга оширмоқда, аэропортда илғор технологиялар ҳамда самарали тизимли назоратни жорий этиб келмоқда”, - дейилади хабарда. 

 Шундан сўнг қайд этилишича, жорий йилнинг май ойида “Навоий” эркин иқтисодий зонасида “CNP Dream” компанияси билан ҳамкорликда косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган завод қурилди. Ушбу маҳсулотлар Марказий Осиё мамлакатларига экспорт қилинаётир. 

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин музокаралар якунлари бўйича Стратегик шериклик муносабатларини ҳар томонлама чуқурлаштириш тўғрисида Қўшма баёнотни имзоладилар. 

Эслатиб ўтамизки, 22-25 ноябр орасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Иннинг таклифига биноан давлат ташрифи билан Корея Республикасида бўлади.

Янгилик билан ўртоқлашиш: