Жанубий Кореядаги Халқаро университет филиали Тошкентда очилади

Дата: 19:04, 23-04-2019.

Тошкент. 23 апрель. ЎзТАГ – Жанубий Кореядаги Kyungin Women’s University Халқаро университетининг филиали Тошкентда очилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Жанубий Кореядаги Кьюнгин (Kyungin Women’s University) Халқаро аёллар университетининг филиали Тошкентда 2019-2020 йилларда очилади. Университетнинг Тошкентдаги филиали фақат аёллар ўқийдиган маскан бўлмай, унда аралаш ҳолда ўқиш мумкин бўлади”, - дейилади “Ўзтекстилсаноат” Ассоциацияси матбуот хизмати хабарида.

Бундай шартномага Корея Республикасининг президенти Мун Чжен Иннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи доирасида эришилди.

“20 апрелда Жанубий Корея университети, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги ва “Ўзтекстилсаноат” Ассоциацияси томонидан лойиҳани 2019-2020 йилларда очиш ва амалга ошириш бўйича меморандум имзоланди”, - деган фикрлар келтирилади ушбу хабарда.

Таъкидланишича, лойиҳанинг асосий мақсади ўқув комплексини замонавий ўқув ва даборатория асбоб-ускуналар, кутубхона фонди билан жиҳозлаш, текстил, дизайн, мода, авиация ва туризм, соғлиқни сақлаш индустрияси, ўлкашунослик ва бошқа соҳаларда халқаро стандартлар даражасида узлуксиз таълим тизимини шакллантириш, олий таълим тизимида ўқув жараёнини ташкил этиш бўйича халқаро илғор тажрибаларни татбиқ этиш, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари, дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар , саноат тармоқлари ўртасида ўзаро алоқаларни ўрнатиш, мода ва дизайннинг замонавий тенденцияларини ривожлантириш киради.

 

Сурат манбаи: iq.ifac.or.kr

Янгилик билан ўртоқлашиш: