“Жанубий Кореянинг мағлубиятсиз сериясини бузишга ҳаракат қиламиз” – Миржалол Қосимов
Тошкент. 22 январ. ЎзТАГ – “Жанубий Кореянинг мағлубиятсиз сериясини бузишга ҳаракат қиламиз”, деди Ўзбекистон термасининг бош тренери Миржалол Қосимов 21 январ куни Мельбурндаги “Rectangular Stadium” стадионида бўлиб ўтган ўйиндан олдинги матбуот анжуманида, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бунга доир маълумот Ўзбекистон Футбол федерацияси сайтида жойлаштирилган.
“Шубҳасиз, бўлажак учрашув жуда қизиқарли бўлади. Чунки жамоаларда иккинчи имконият бўлмайди. Ҳаммаси битта ўйинда ҳал бўлади. Ҳар икки жамоа зарур натижага эришиш учун максимал даражада ҳаракат қилади”, - деди Қосимов.
Жанубий Корея терма жамоаси ҳақида гапира туриб, Қосимов у “қитъанинг энг кучли жамоаларидан бири. Унда ҳар доим юқори малакали футболчилар ўйнайди. Уч ўйинда Жанубий Корея битта ҳам тўп ўтказиб юборгани йўқ. Бу унинг мудофаа чизиғи кучлилиги ва хужумчилар томонидан доимий қўллаб-қувватлаб турилишидан далолат беради. Шундай бўлсада, Жанубий Кореянинг мағлубиятсиз сериясини бузишга ҳаракат қиламиз”, - деб қўшимча қилди терма жамоа бош тренери.
“Биз ўйинни ўз ҳисобмизга 90 минут ичида ҳал қилмоқчимиз, лекин бунга эришмасак, экстра-таймлар ва ўйиндан кейинги пенальтиларга ҳам тайёрмиз”, - деб хулоса қилди у футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги ҳақидаги саволга жавоб бера туриб.
Эслатиб ўтамизки, Жанубий Корея – Ўзбекистон ўртасидаги ўйин бугун, 22 январда тошкент вақти билан соат 12.30да Мельбурндаги “Rectangular Stadium”да (Тўғрибурчак стадион) бўлиб ўтади.
Маълумот ўрнида, қитъанинг 16-биринчилиги 9-31 январ кунлари Австралиянинг Сидней, Ньюкасл, Брисбен, Канберра ва Мельбурн шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.