“Жайрон” экомаркази барчани ҳайвонларнинг йиллик саноғига таклиф қилди

Дата: 10:56, 17-09-2015.

Тошкент. 17 сентябр. ЎзТАГ – 2-4 октябрда Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида жойлашган таниқли “Жайрон” экомаркази ҳайвонларнинг ҳар йиллик саноғини ташкил этади ва исталган барчани унда қатнашишга таклиф қилади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Экомарказдан маълум қилишларича, унда иштирок этиш учун кўнгиллилар рўйхатдан ўтиб, тавсиялар билан танишишлари лозим.

Туёқли ҳайвонларни санаш ишлари анъанавий равишда октябрнинг биринчи дам олиш кунлари ўтказилади. Одатда унда кўнгилли ёшлар ҳам иштирок этадилар.

Экомарказнинг асосий вазифаси – ёввойи ҳайвонларни ўстиришдир. Бугунда бу ерда жайрон, қулон, Прежевальский отлари, бухоро тоғ қўйлари, бурама шохли эчкилар (мархурлар) боқилади. Уларнинг бари Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил китобига киритилган. Бу ерда Бухоро буғуси, кийиклар ва қоплонларни кўпайтиришни қайта бошлаш ҳам режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамизки, “Жайрон” экомаркази Қизилқумнинг жанубий-ғарбий қисмида жойлашган бўлиб, бой табиат ва ҳайвонот оламига эга. Бу ерда 250 турдаги ўсимликлар ва 700 турдан зиёд умуртқасизлар, 15 хил балиқлар, 2 турдаги амфибиялар, 18 турдаги рептилиялар, 300 зиёд хилдаги қуш ва 34 турдаги сут эмизувчилар мавжуд.

Янгилик билан ўртоқлашиш: