ЖБ Тожикистонга Ўзбекистон ва Қирғизистонга олиб борувчи йўлларни тиклаш учун $45 млн. ажратди
Душанбе. 26 феврал. ЎзТАГ – Жаҳон банки (ЖБ) Тожикистонга Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги йўлларни тиклаш учун $45 млн. кредит ажратишни маъқуллади, дея хабар беради пайшанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТожикТА).
“Жаҳон банки гуруҳининг Ижрочи директорлар кенгаши Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Ўзбекистон ва Қирғизистонга олиб борувчи йўл тармоқларини тиклаш учун $45 млн. кредит ажратишни маъқуллади”, - деб хабар қилади ТАСС.
Маблағлар Марказий Осиёдаги транспорт алоқасини яхшилаш бўйича умумий дастур доирасида ажратилаётганлиги ҳам қайд этилмоқда.
Ушбу дастур Тожикистонда 2015-2020 йилларда амалга оширилиб, Сўғд вилоятидаги 70-километрлик “Тожикистонни Ўзбекистон ва Қирғизистон билан боғловчи” йўл участкасини тиклашни ўз ичига олади.
Лойиҳа доирасида “Гулистон” чегарадан ўтиш пунктидаги (45,1 км) Кучкак - Ким - Исфара участкалари, “Маданият” чегарадан ўтиш пунктидаги (16,9 км) Дехмой – Пролетарск участкалари таъмирланади. Шу жумладан, Пролетарскдаги интермодал темир йўл терминалига қадар йўл ҳамда “Патар” (5,7 км) чегарадан ўтиш пункти ҳам реконструкция қилинади.
Бу 2,6 млн. ҳудуд аҳолиси учун бозорлар ва иш жойларидан фойдаланиш имкониятини яхшилашга имкон беради.