ЖБ Тожикистонни дунёнинг пул ўтказмаларига энг кўп боғланиб қолган мамлакати деб топди

Дата: 15:34, 15-04-2015.

Тошкент. 15 апрел. ЎзТАГ – Жаҳон банки (ЖБ) экспертлари Тожикистонни дунёнинг пул ўтказмаларига энг кўп боғланиб қолган мамлакати деб топди, дея хабар беради чоршанба куни Тожик телеграф агентлиги (ТаджикТА).

“Тожикистон дунёнинг пул ўтказмаларига энг кўп боғланиб қолган мамлакати”, - дейилади банк ҳисоботида.

ЖБ маълумотларига кўра, 2013 йилда пул ўтказмалари ушбу мамлакат ЯИМнинг 49% ташкил қилди. 2014 йилда Тожикистонга пул ўтказмалари ҳажми 8% қисқариб, 2013 йилдаги $4 млрд 154 млндан 2014 йилда $3 млрд 835 млнга тушган.

“Тожикистонда истеъмолнинг деярли ярми пул ўтказмалари ҳисобига амалга оширилади”, - деб таъкидлади ЖБнинг катта вице-президенти, банк бош иқтисодчиси Кошик Басу.

Шунингдек, 2013 йилда Қирғизистонга пул ўтказмалари миқдори ушбу мамлакат ЯИМнинг 31,5% тенг бўлгани таъкидланмоқда. 2014 йилда бу мамлакатга ҳам пул ўтказмалари камайди (1,4%) ва 2013 йилдаги $2 млрд 278 млндан 2014 йилда $2 млрд 246 млнга тушди.

Ўзбекистонга тушган пул ўтказмалари 2013 йилда мамлака ЯИМнинг 11,7% тенг бўлган. Ўтган йили эса ушбу кўрсаткич 16% қисқариб, 2013 йилдаги $6 млрд 633 млн ўрнига 2014 йилда $5 млрд 588 млнни ташкил қилган.

Қозоғистон ва Туркменистонга пул ўтказмалари ҳажми 2013 йилда ушбу мамлакатлар ЯИМнинг 0,1% тенг бўлган.

Қозоғистон пул ўтказмалари оқимлари ўтган 2014 йилда бундан олдинги йилдагига қараганда $2 млн кўпайиб, $209 млнни, Туркманистонга эса $10 млн кўпайиб, $30 млнни ташкил этган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: